11 Ноябр 2022 йил 265

Хизмат вазифасини бажариш пайтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган капитан Баҳодир Матризаевнинг турмуш ўртоғи Гулнора Аллаберганова: МЕН БАХТИЁР ОНАМАН!

Турмуш ўртоғим капитан Баҳодир Матризаев Урганч тармоқ ИИБ жиноят қидирув гуруҳида катта тезкор вакил лавозимида хизмат қиларди. Ўша мудҳиш воқеа содир бўлган кун у Ҳазорасп темир йўл бекатида хизмат вазифасини ўтаётганди. Экстремистик оқим таъсирига тушиб қолган жиноий гуруҳ билан кутилмаганда тўқнашиб қолган. Афсус, у қуролланган хавфли жиноятчиларни қўлга олишда қахрамонларча ҳалок бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ II-даражали "Шон-шараф" ордени билан мукофотланди. Мана ўша мудҳиш воқеа содир бўлганига ҳам 24 йилдан ошди. Фарзандларимни ҳам она, ҳам ота ўрнида тарбияладим. Уларни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашга астойдил ҳаракат қилдим. Яратганга минг шукрки, улар бирин кетин улғайишди, камолга етишди.

Президентимизнинг “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори биз каби ўксик қалбларга малҳам бўлди. Фарзандларим Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тавсияномаси билан олий ўқув юртларига давлат гранти асосида имтиёзли қабул қилинди. Айни кунда тўнғич ўғлим  Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходими, сафдор Шокиржон Матризаев ИИВ Академиясининг сиртқи бўлими, кенжа фарзандим Ҳурматбек Матризаев эса Тошкент давлат юридик университети битирувчиларидир. Фарзандларим ота касбини давом эттиришга аҳд қилишган экан, мен бундан жуда бахтиёрман. Ахир улар эл корига яраган экан, қувонмай, фахрланмай бўладими.  

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли касб эгалари бўлган Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оилаларига соғлик-омонлик тилайман. Доимо халқимизнинг эътибори ва эътирофида бўлишсин!  

 

                                                               Гулнора АЛЛАБЕРГАНОВА,

                                                           Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани.

 

 

 

Text to speech