24 Май 2023 йил 388

Андижондан келиб Хоразмда ўғирлик жиноятини содир этган шахслар қўлга олинди

Жорий йилнинг 20 апрель куни Урганч шаҳрида жойлашган банк ёнидаги автотураргоҳда “Ласетти” русумли автомашинанинг юкхонаси номаълум шахслар томонидан бузиб очилиб, жами 271 000 000 сўм пуллар яширин равишда ўғирлаб кетилганлиги тўғрисида Хоразм вилояти ИИБ навбатчилик қисмига хабар келиб тушди.
Мазкур хабарга асосан ҳодиса жойига етиб борган тергов-тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди.
Малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган терговга оид тезкор-қидирув ишлари натижасида ушбу ўғирлик жиноятини содир этган жиноий гуруҳ фош этилди.
Ушбу ўғирлик жиноятини Андижон вилоятида яшовчи, илгари бир неча маротаба судланган ва суд томонидан “Ўта хавфли рецедивист” деб топилган, 1993 йилда туғилган, Ш.Т. ўзи каби “Ўта хавфли рецедивист”, 1989 йилда туғилган, Б.А. ва илгари судланмаган, 1988 йилда туғилган, Ж.О. лар билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда содир этганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, тергов ҳаракатлари давомида, гумондорлар ўғирлик натижасида қўлга киритилган пулларнинг бир қисмига иккита “Спарк” русумли автомашина ҳарид қилганликлари аён бўлди.
Хозирда гумондорлар процессуал тартибда ушланган, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech