8 Феврал 2023 йил 254

Боғот туманида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Жорий йилнинг 1 февраль кунидан бошлаб республикамизда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш”   тезкор-профилактик тадбири амалга оширилмоқда.

1 март кунига қадар давом этадиган мазкур тезкор-профилактик тадбир доирасида манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда турли профилактик тарғибот тадбирлари ўтказилиши билан бир қаторда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноий қилмишларни фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 6 февраль куни Боғот тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Боғот туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, Н.С. туман марказида тўхтатилиб, ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, шимининг чўнтагида 1 та, бош кийими ичида эса 4 та алоҳида қадоқланган, умумий вазни 5 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида сақлаб қўйганлиги маълум бўлди. Дастлабки суриштирув жараёнида, у ушбу гиёҳвандлик воситасини маҳалладоши, 1983 йилда туғилган, Д.А. дан 1 200 000 сўмга сотиб олганлигига аниқлик киритилгач, гумондорнинг уйида ҳам холислар иштирокида тинтув ўтказилганида, “мижоз”дан олинган 1 200 000 сўм пул ётоқхонадаги кўрпача тагидан, бундан ташқари шкаф устидан 4 та “трамадол” гиёҳвандлик дори воситаси ашёвий далил тариқасида олинди. 

Шунингдек, 6 февраль куни Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, уйининг ётоқхонасидаги шкаф ичида умумий вазни 19 грамм бўлган, 19 та қадоқдаги “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида сақлаб қўйган, Боғот тумани “Янгиқадам” маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган Ғ.К.нинг жиноий қилмиши фош этилди.

Унинг хонадонидан холислар иштирокида расмийлаштириб олинган гиёҳвандлик воситаси, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича ашёвий далил деб топилди.

Гумондорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech