28 Декабр 2020 йил 590

Ёшлар иттифоқининг Хоразм вилояти ИИБ даги бошланғич ташкилоти танлов ғолиби бўлди

Ўзбекистон Республикаси ёшлар иттифоқи бугунги кунда мамлакатимиз ёшларини эзгу мақсад йўлида бирлаштирган энг нуфузли ташкилотдир. Албатта эзгу ишларни амалга оширишда ёшлар иттифоқининг ҳудудларда, шунингдек аксарият корхона ва муассасаларда тузилган бошланғич ташкилотлари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

Ёшлар иттифоқининг Хоразм вилояти кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги танловда айнан вилоятимиздаги ҳарбийлаштирилган тузилмаларда ташкил этилган бошланғич ташкилотлар томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинди.

Вилоятдаги 12 та ҳарбийлаштирилган тузилмалар бошланғич ташкилоти сардорлари иштирок этган мазкур танловда ёшлар иттифоқининг Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидаги бошланғич ташкилоти етакчиси капитан Нуруллаев Азамат Бахтиярович 154 балл тўплаб фахрли биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёшларининг етакчиси катта лейтенант Полвонов Иззатбек Абдушарипович 142,5 балл тўплаб иккинчи ўриндан жой олган бўлса, 123,5 балл тўплаган 7260-сонли ҳарбий қисм ёшларига сардорлик қилиб келаётган капитан Тангиров Ғиёсиддин Мавлонович учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

Ғолибларга ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Танлов ғолибларини эришган ютуқлари билан муборакбод этиб, келгуси фаолиятларида омадлар тилаймиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech