18 Апрел 2022 йил 896

Фахрийлар-фахримиз: Истеъфодаги полковник Бекжон Сафаев   

    “Мардлик одамларни хатарли дақиқалардан ажойиб ишларга ундовчи фазилатдир.”

                                                        АРАСТУ. 

   ...Сотимбой шер тусига кирди. Юзларида аллақандай даҳшат пайдо бўлди. Кўзлари қонга тўлиб, инсон қиёфасини йўқотди. У “дир-дир” қалтираётган қўллари билан ғилофда турган “Наган”ни қўлига олди. Бу даҳшатдан саросимага тушган Отабек ҳозиргина ичиб бўшатишган ароқ шишаларига туртина-суртина ташқарига отилди. Бир зум ўзини йўқотаёзган Матёқуб ҳам жон сақлаш илинжида Отабекнинг изидан югурди. Сотимбой “Қаёққа қочасанлар! Барибир отаман!” дея қичқирганча ташқарига чиқди. Унинг изма-из қувиб чиқишини кутмаган Матёқуб жон талвасасида қочмоқчи бўлди. Сотимбой қоронғулик қўйнидан нажот излаб югураётган Матёқубга қарата ўқ узди. Зимистон қоронғуликни ларзага келтирган ўқ хато кетди. “Қаёққа қочасан!” қичқирди асабийлашган Сотимбой ва яна тинмай қочаётган Матёқубни нишонга олди. Яна қоронғулик ичра ўқ овози янгради. Бу галги ўқ хато кетмади. Матёқуб бошига теккан ўқдан ерга йиқилди. Юз кўзлари қонга беланди. У бу қонхўрнинг чангалидан қутилиш учун бир йўла ўрнидан туриб қочмоқчи ҳам бўлди. Аммо ўзини бошқаролмади.

   Ўқи бехато кетмаганидан мағрурланган Сотимбой анча узоқлаб кетган Отабекнинг изига тушди. Қўрқувдан саросимага тушган Отабек орқасига қарамай қочарди. Ҳаёлида “Наган” ушлаган Сотимбой етиб келгандек, отиб ташлаётгандек эди. У бурилишдаги синиб ётган дарахт шохига туртиниб, ариққа тушиб кетди. Изма-из қувиб келган “ов”чи Отабекни тополмади. У орқасига қайтиб, иш жойига-“Халқ банки”га кириб кетди.

   Кетма-кет ўқ овозини эшитган кишилар кўчага чиқиб, қонга беланиб ётган Матёқубни дарҳол касалхонага жўнатишди. Кейин эса туман ички ишлар бўлимига хабар беришди.

   Зудлик билан туман ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари, майор Бекжон Сафаев раҳбарлигидаги тезкор гуруҳ ҳодиса жойига етиб келишди. Вазиятнинг анча мураккаблиги аниқ ва пухта режа асосида иш олиб боришни тақозо этарди. Буни яхши англаган майор Бекжон Сафаев тезкор гуруҳ аъзоларига атрофни диққат билан назорат қилиб туришни буюрди ва ўзи шифохонага шошилди. Матёқуб билан суҳбатлашган тезкор гуруҳ бошлиғи зудлик билан ҳодиса жойига қайтди.

   -Жабрланувчи билан суҳбатлашиб келдим,-дея гап бошлади майор Бекжон Сафаев гуруҳ аъзоларини чеккароққа йиғиб.-Сотимбой “Халқ банки”да қоровул бўлиб ишларкан. Дўстлари Отабек ва Матёқублар билан иш жойида спиртли ичимлик истеъмол қилишган. Сўнгра ўзаро келишмовчилик чиқиб, Сотимбой дўстларини отишга шайланган. Хуллас, “Халқ банки” ичкарисида ўтирган қоровул маст ҳолда. Энг хавфли томони шундаки, унда қурол бор. У дуч келган кишини отиши мумкин. Ҳар ҳолда эҳтиёт бўлмоқ, пухта ўйлаб иш юритмоқ керак.

   Тезкор гуруҳ ходимлари ўз фикрларини билдиришди. Аммо асосий вазифа қандай бўлмасин банк қоровулини қуролсизлантириш ва қўлга олиш лозим эди.

   -У Отабекни отолмаган,-яна ўз фикрини ўртага ташлади Бекжон Сафаев.-Шунинг учун унинг олдига бормоқчи бўлган кишини Отабек деб отиб қўйиши мумкин. Менингча банк бошқарувчисини чақириб, унинг билан учраштирмоғимиз керак.

   -Уни отиб қўйса-чи?-деди гуруҳ аъзоларидан бири.

   -Бошқарувчи унинг билан узоқроқдан туриб гаплашишга ҳаракат қилади. Қолаверса, бошқарувчи унинг бошлиғи. Сотимбой унинг гапларига қулоқ тутиши, айтганини бажариши мумкин.

   Бу таклиф барчага маъқул тушди. Ҳодиса жойига етиб келган банк бошқарувчиси ичкаридан туриб ташқарини кузатаётган Сотимбойни чақирди. У бошқарувчининг овозини таниб, ташқарига чиқди. Қўлида қурол билан турган Сотимбойни қўлга олиш ниҳоятда қисқа вақт ичида амалга оширилиши лозим эди. Уни шубҳалантириш вазиятни баттар чигаллаштирарди. Қоровулга яқин жойдаги дарахт панасида турган майор Бекжон Сафаев кўз очиб юмгунча уни ерга қулатиб, қуролсизлантиришга улгурди. Шу тариқа хавфли жиноятчи қўлга олинди.

   Бу Янгиариқ тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, майор Бекжон Сафаевнинг хизмат фаолиятидан бир лавҳа халос. У ҳар гал бундай вазиятда жиноятчининг шахсини, ҳатти-ҳаракатини аниқ ўрганиб чиққандан сўнггина бирор қарорга келарди.

   -1984 йил Тошкент Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаб, Хонқа тумани ИИБда терговчи лавозимида хизмат фаолиятимни бошладим,-дейди истеъфодаги полковник Бекжон Сафаев.-Оллоҳга шукр, подполковник Бекберган Собиров, майор Муҳаммад Рахмоновдек тажрибали, меҳнатсевар инсонларга дуч келдим. Улар менга бу соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўргатишга ҳаракат қилишди. Зарур маслаҳатлар, насиҳатлар беришди. Камчиликларимни ўз вақтида айтиб, уни тузатиш йўлларини ўргатишди. Бундай яқин ҳамкорлик бесамар кетмади.

   Устозларининг ўгитларига амал қилган лейтенант Бекжон Сафаев кўп ўтмай туман ИИБ катта терговчиси, кейинчалик эса вилоят ИИБ тергов бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси вазифаларида сидқидилдан хизмат қилди. Кечаги лейтенант полковник даражасигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди ва етук раҳбарлардан бирига айланди. У 32 йиллик хизмат фаолияти давомида Янгиариқ тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, туман ИИБ бошлиғи, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Урганч шаҳар ИИБ бошлиғи, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, Қўшкўпир ва Хива тумани ИИБлари бошлиғи лавозимларида самарали хизмат қилди.

   Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишдаги фидойи хизмати учун Бекжон Сафаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 27 августдаги Фармонига мувофиқ “Жасорат” медали билан тақдирланди.

   Ота изидан бориб, унинг касбини давом эттириш фарзанд қалбидаги орзу-ниятлардан биридир. Элдор Сафаев ҳам отаси каби осойишталик посбони бўлиш ниятида тинмай ўқиди, изланди. Бу интилиш бесамар кетмади. Айни кунда у вилоят ички ишлар бошқармасида хизмат қилмоқда.

   Истеъфодаги полковник Бекжон Сафаев нафақага чиққач, жамиятимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш ниятида меҳнат фаолиятини давом эттирди. Ҳукуматимиз раҳбарияти қалбида Ватан ҳисси жўш урган бу инсонга юксак ишонч билдириб, уни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янгиариқ тумани Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинлади.

   -Айни кунларда мамлакатимизнинг қайси бир худудида бўлманг, давр билан ҳамнафас ҳолда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига, ягиланиш жараёнларига, илғор ғоя ва ташаббусларнинг ҳаётга тадбиқ этилаётганига дуч келасиз,-дейди Бекжон Сафаев.-Давлат идоралари вакилларининг аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиши, муаммоларига қулоқ тутиши ва ечимини излаши одатий ҳолга айланиб қолди. Энг муҳими, ушбу тадбирларда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ва уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши юзасидан самимий суҳбатлар олиб бориляпти. Бу янги Ўзбекистонда янги даврнинг бошланганини англатади.

   Лавҳамиз қахрамони юртимиздаги анашундай улкан ўзгаришларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.

 

                                                                    Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                            “Postda” мухбири.

Text to speech