15 Феврал 2023 йил 361

“Фидойи аёл ходима” кўрик-танловининг Хоразм вилояти  ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди

Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган шаҳодатланган аёл ходималарнинг касбий билим ва малакаларини ошириш мақсадида турли чора-тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050-сон қарорига мувофиқ Ички ишлар вазири томонидан эълон қилинган “Ички ишлар органларида “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруқ ҳам айнан аёл ходималарнинг касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш, фаолиятида ютуқларга эришиб келаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўз касбининг билимдонлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришни назарда тутади.

Урганч шаҳрида ўтказилган мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичи ҳам иштирокчиларнинг фаоллиги боис ҳаёжонли онларга бой бўлди.

Кўрик-танловда иштирок этган вилоят ички ишлар органларининг шаҳодатланган аёл ходималари жанговор қуролни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, ҳамда Макаров тўппончаси ўқ отиш, спортнинг 1000 метрга югуриш ва комлекс машқлар бажариш турлари бўйича беллашгач, ўзларининг соҳавий хизмат, маънавий-маърифий, жанговар ва хизмат тайёргарлиги бўйича билимларини 50 та саволдан иборат тест синовлари орқали намойиш этдилар.

Ҳакамлар хайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг маҳорати синчковлик ва холислик билан баҳолаб борилди.

Якунда Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ профилактика инспектори лейтенант Зухра Олланазарова “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловининг Хоразм вилоятида ўтказилган ҳудудий саралаш босқичи ғолибаси деб топилиб, кўрик-танловнинг республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech