10 Феврал 2023 йил 202

Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов Боғот туманидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар билан яқиндан танишди

Айни кунларда Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ва унинг тузилмалари раҳбарлари, вилоят сектор бошлиқлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётганлиги тўғрисида маълум қилган эдик.

Республика идоралараро ишчи гуруҳ таркибида Хоразм вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов Боғот туманидаги ижтимоий инфратузилма объектларининг созлиги, аҳолини газ, электр энергияси, кўмир ва ичимлик суви билан таъминланганлиги, истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлиги, ҳудуддаги маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларининг ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиёти билан яқиндан танишди.

Генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов дастлаб туман сектор раҳбарлари билан биргаликда туман марказий деҳқон бозорида бўлиб, у ерда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик махсулотларининг нархи ҳамда мавжуд миқдорини ўрганди. Туманда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик махсулотлари ярмаркаси ҳар куни ташкил этилаётганлиги ижобий баҳоланди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг кейинги ташриф манзиллари ижтимоий соҳа объектлари бўлди. Хусусан, тумандаги умумтаълим мактаблари, болалар боғчалари, шифохоналарда бўлган ишчи гуруҳ аъзолари ушбу объектларга иссиқлик таъминоти, электр энергияси ва ичимлик сувининг етказиб берилишини назорат тартибида ўргандилар.

Тумандаги болалар боғчасига амалга оширилган ташриф доирасида боғчага болалар ўйинчоқлари ҳам совға қилинди.

Аҳолининг тинчлиги ва соғлигини сақлаш давлатимизда энг устувор вазифалардан биридир.

Боғот туманида ҳам бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар бугунги кун талабига мос десак муболаға бўлмайди. Туманда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тиббиёт муассасаси бугунги кунда нафақат туман аҳолисига, бошқа ҳудудлардан келаётган беморларга ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Вазир ўринбосари мазкур тиббиёт муассасида бўлиб, у ерда беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, даволашда замонавий тиббиёт анжомларидан фойдаланилаётганлиги билан яқиндан танишди. Ушбу тиббиёт муассасаси келгусида туманда тиббиёт туризмини ривожлантириш потенциалига эга эканлиги эътироф этилди.

Боғот тумани ўзининг бой маданий мерослари билан ҳам ажралиб туради. Хусусан тумандаги “Қалажиққалъа” туристик мажмуаси бу борада етакчилик қилади. Мазкур мажмуада бўлган ишчи гуруҳ аъзолари “Қалажиққалъа” ўзининг янги даврини бошлаганлигига гувоҳ бўлишди. Эндиликда бу ерга сайёҳлар оқимини ошириш ва мажмуани жаҳон маданий мерослари рўйҳатига киритиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech