25 Май 2023 йил 640

Истиқлол берган бахт: Лейтенант Сабоҳат Султанова фаолияти тўғрисида

Орамизда оила юмушларини, фарзандлар тарбиясини тўла-тўкис бажариб, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар жуда кўп. Улардан бири Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимаси, лейтенант Сабоҳат Султановадир.                              

  Лавҳамиз қахрамонининг ҳаёти билан танишар эканмиз, унинг алоҳида иқтидор эгаси эканлигининг гувоҳи бўлдик. Хонқа туманида таваллуд топган Сабоҳат ўн ёшидан спортнинг каратэ тури билан шуғуллана бошлайди. Унга устози 2-ДАН қора белбоғ соҳиби Баҳодир Сариев мураббийлик қилди. Тинимсиз машғулотлар, муросасиз беллашувлар Сабоҳатни жисмонан тоблади. Маҳоратини оширди. У аввал вилоят, сўнгра республика мусобақаларида иштирок этиб, рақибларидан кучли эканлигини исботлади. Шундан сўнг Сабоҳат халқаро мусобақаларда ҳам ўз омадини синаб кўрди. Қўлга киритилган ютуқлар уни янада янги зафарлар сари ундади. Натижалар сарҳисобига кўра, у 18 маротаба Ўзбекистон чемпиони, 4 карра халқаро турнирлар ғолиби, 1 карра осиё чемпиони, деган шарафли номга муносиб топилди. 2012 йил 1-ДАН қора белбоғ соҳибаси, 2013 йил спорт соҳасида эришган ютуқлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Шу йили имтиёзли равишда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси факультетига талабаликка қабул қилинди. Олийгоҳни тамомлагач, Тошкент шаҳридаги 164-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ берди. Педагогик фаолияти давомида ўқувчиларга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда уларнинг психологиясини ҳам пухта ўрганишга ҳаракат қилди.

   2018 йил Сабоҳат Султанова Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига хизматга қабул қилинди. Аввалига юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлашдек машаққатли вазифани адо этиш осон бўлмади. Аммо у барча қийинчиликларни чидам билан енгиб ўтишга, танлаган касбини янада чуқурроқ ўрганишга интилди. Айниқса, устози подполковник Марат Худойбергановнинг ўгитларига, насиҳатларига амал қилиб, касб сирларини қунт билан ўрганди. Қисқа фурсат ичида мустақил иш юритадиган, зиммасидаги топшириқларни ўз вақтида бажарадиган интизомли ходимага айланди. У вилоятга ташриф бюраётган туристлар хавфсизлигини таъминлаш, улар билан боғлиқ бўлган жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда сидқидилдан хизмат қилмоқда.

    Жанубий Корея Республикасидан ташриф буюрган Seung Yeonha Хива шаҳри бўйича Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлими ходимларига мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган фуқаролик паспортини Нукус шаҳридан Хоразм вилоятига келаётган пайтида йўқотиб қўйганини ва уни топишда амалий ёрдам беришларини сўрайди.

   Мазкур мурожаат асосида лейтенант Сабоҳат Султанова тезкор суриштирув ишларини олиб боради. Натижада Seung Yeonhaнинг фуқаролик паспорти туристларга хизмат кўрсатган “Хоразм кўҳи нур” сайёҳлик фирмасига тегишли бўлган автобусдан топилади ва ҳужжат ўз эгасига топширилади. Сайёҳ Seung Yeonha кўрсатилган амалий ёрдам учун лейтенант Сабоҳат Султановага самимий миннатдорлик билдиради.

   Хива шаҳар “Ичан-қалъа” давлат музейи қўриқхонасини томоша қилиш учун ташриф буюрган австриялик Hubner Klaus ошқозон оғриғи безовта қилаётганини айтиб, лейтенант С. Султановага мурожаат қилади. У дарҳол бу ҳақда шаҳар тез тиббий ёрдам хизматига хабар беради ва шифокорлар етиб келгунга қадар беморни вақтинча яшаётган “Ичан-қалъа” ҳудудида жойлашган “Orient star” меҳмонхонасига жойлаштиради ва биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатади. Шифокорларнинг муолажаларидан сўнг Hubner Klaus ўзини яхши ҳис қилди ва кўрсатиган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

   -Лейтенант Сабоҳат Султанова хушмуомалалиги, намунали хулқи, хизмат вазифасига масъулият билан ёндошиши билан раҳбариятнинг, ҳамкасбларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб келмоқда,-дейди вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Марат Худойберганов.-Шунингдек у ёшларга хос бўлган ғайрат-шижоати, хушёрлиги, инглиз ва рус тилларида эркин сўзлаша олиши билан вилоятимизга ташриф буюраётган сайёҳларда ижобий таассуротлар қолдирмоқда.

   Ҳадиси шарифда оила муқаддас, саналган. Буни яхши англаган қахрамонимиз умр йўлдоши капитан Дониёр Султанов билан оила мустаҳкамлиги, тинч ва тотувлигига алоҳида эътибор беришяпти. Айниқса, оиланинг завқу-қувончи бўлган Далер осойишталигимиз посбонларининг суюкли фарзанди сифатида камолга етмоқда.

   -Шундай жаннатмакон юртда туғилдим, ўсдим-улғайдим, камолга етдим,-дейди лавҳамиз қахрамони лейтенант Сабоҳат Султанова.-Қатор ютуқларга эришдим. Истиқлол берган бахтдан куч-қувват олиб, бор билим ва маҳоратимни, иқтидоримни юртим ривожига бағишлашга, унинг тинчлик ва осойишталигини таъминлашга аҳд қилганман. Анашу эзгу мақсад йўлида куну-тун хизмат қилишга тайёрман.

   Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани масъулият билан адо этаётган лейтенант Сабоҳат Султанова сингари ғайрат-шижоатли ёшларимиз янги Ўзбекистонимизнинг фахри ва ғуруридир.

 

                                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

“Postda” мухбири

Text to speech