25 Июн 2022 йил 443

Жиноятга жазо муқаррар: Хуршиднинг “савдоси” пишмади

Шовотлик Х.Хуршид (лавҳа иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилган) яшаш хонадонининг томорқасидаги анор дарахти остига таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган “каннабис” ўсимлиги уруғларини экиб, униб чиққан ниҳолларни меҳр билан парваришлай бошлади. Кунлар ўтган сайин ёш ниҳоллар бўй кўрсатиб, етила борди. Бир куни у “каннабис” ўсимлиги япроқларидан териб, уни офтобда обдон қуритди. Сўнгра “заҳри қотил”ни яширин равишда истеъмол қилиб кўрди. Аввалига онгу-шуурида бирор ўзгариш сезмади. Кейинчалик эса унинг таъсиридан бироз ҳузурлангандек бўлди. Шу тариқа кунлар, ойлар ўтаверди. Ҳосилни йиғиштириб олган Хуршид эҳтиёткорлик билан харидор излашга тушди. Аммо уни тополмади. Анашундай кунларнинг бирида у гиёҳванд модда истеъмол қилишга мойиллиги бўлган таниши Ж.Ўктамни эслаб қолди. Дарҳол унга қўнғироқ қилиб, туман марказининг хилватроқ жойида учрашишни таклиф қилди. Анчадан бери учрашишмаган қадрдонлар узоқ суҳбатлашишди. Гап орасида Хуршид “ҳосил”нинг тозасидан борлигини айтиб қолди. Унинг бу гапи Ўктамга ҳам мойдек ёқиб тушди. Шундан сўнг улар тайёр қадоқланган “каннабис”дан истеъмол қилишди. Ўктамнинг харидор топишда ёрдами тегишини ўйлаган Хуршид қолган гиёҳвандлик моддасини сахийлик қилиб, унга бериб юборди.

Эртаси куни Ўктам унга қўнғироқ қилиб, танишларидан бирига кечаги “мол”дан кераклигини айтиб қолди. Бу хушхабардан хурсанд бўлган Хуршид қуритилган “каннабис”ни гугурт қутисига жойлаб, тезда келишилган манзилга етиб келди. Кўп ўтмай Ўктамнинг “Nexia” русумли автомашинаси кўринди. Улар машинадан тушишгач, Хуршид ўзи билан олиб келган гугурт қутисидаги 0,76 грамм “каннабис”ни Ўктамнинг ҳамроҳига берди. “Мол”ни кўздан кечирган харидор чўнтагидан 100.000 сўм олиб унга узатди. Мўмайгина даромадни чўнтагига жойлаган Хуршиднинг қувончи узоққа бормади. Чунки фуқаро кийимидаги ички ишлар органлари ходимлари ашёвий-далиллар билан уни қўлга олишди.

Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячи адвокат фикрини, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчи Х.Хуршидни Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топди ва унга 3 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

                                                                      Акбар АМИНОВ,

                                                      Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман

                                                 судининг раиси.

                                                       Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                               “Postda” мухбири.

Text to speech