4 Май 2023 йил 358

 Касбига садоқатли аёл: сержант Нигора Нурметова    

Лавҳамиз қахрамони сержант Нигора Нурметова ўзининг фидойилиги, касбга бўлган садоқати билан ҳамкасбларининг иззат-ҳурматига сазовор бўлаётган ходималардан бири. У мана 22 йилдирки, Хоразм вилояти ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда.    

Урганч шаҳридаги бухгалтерлар тайёрлаш мактабини тамомлаган Нигора вилоят ИИБ ШТБИХ томонидан ўтказилган синовларда ўз омадини синаб кўрди. Аммо етарли балл тўплай олмади. У бундан тушкунликка тушмади. Аксинча ўқиди, изланди. Жисмоний тайёргарлик машғулотларида қатнашди. Анашундай кунларнинг бирида у вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими томонидан эркин ёлланган ишчи-хизматчи лавозимига танлов асосида ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонни ўқиб қолди. Етарли билим ва маҳоратга эга бўлган бу қиз танловда иштирок этди ва молия-иқтисод бўлимига эркин ёлланган ҳисобчи лавозимига хизматга қабул қилинди. Энди у юрт тинчлиги, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, қўриққа олинган масканларни ишончли ва кафолатли ҳимоя қилиш нақадар машаққатли ҳамда масъулиятли вазифа эканлигини ўз кўзи билан кўрди, дилдан ҳис қилди. Саккиз йил эркин ёлланган ҳисобчи вазифасида меҳнат қилган Нигора Нурметова вилоят ИИБ ШТБИХ томонидан ўтказилган навбатдаги синов имтиҳонида яна иштирок этди. Интилганга толе ёр, деб бежизга айтишмаган. Касбга бўлган интилиш, билим олишга бўлган иштиёқ ўзининг ижобий самарасини берди. Синовлардан муваффақиятли ўтган Нигора Нурметовани ўзи хизмат қилаётган қўриқлаш бошқармасига ҳисобчи лавозимига хизматга қабул қилишди. Энди у зиммасидаги вазифани эгнига хизмат формасини кийган ҳолда давом эттирди. Юрт осойишталигини таъминлашдек масъулиятли вазифани бажаришга астойдил аҳд қилган лавҳамиз қахрамони устози сержант Зулфия Абдукаримовадан касб сирларини янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилди. Хизматга оид қўлланмаларни, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қунт билан ўқиб ўрганди. Шундан сўнг у Хонқа тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими, вилоят ИИБ ЖҚ ва ТҚКБ ҳамда вилоят ИИБ ЖҚБларида самарали хизмат қилди. Айни кунда сержант Нигора Нурметова вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ташкилий-мувофиқлаштириш бўлимининг канцелярия бошлиғи лавозимида хизмат фаолиятини давом эттирмоқда.

-Нигора Нурметова энг тажрибали ходималаримиздан бири,-дейди вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғибекова.-У ўзининг узоқ йиллик хизмат фаолияти давомида кўплаб муҳим тадбирларда фаол иштирок этди ва самарали натижаларга эришди. Қолаверса, тажрибали мураббий сифатида ўттиздан ортиқ ёш ходимларга устозлик қилди. Айни кунда улар юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифада сидқидилдан хизмат қилишяпти.

Сержант Нигора Нурметова хизмат фаолияти давомида қўлга киритган ютуқлари ҳамда фидойи хизмати учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан муносиб тарзда рағбатлантирилган.

Комил фарзандлар ота-она касбининг давомчилари бўлишади. Дарҳақиқат, лавҳамиз қахрамонининг тўнғич фарзанди Эркинбой Худайбергенов онаси изидан бориб, ички ишлар органларида ишлашга аҳд қилди. Айни кунда лейтенант унвонига эга бўлган бу йигит ИИВ Академиясининг Кадрлар бўлимида хизмат қилмоқда. Қизи Мардона Худайбергенова эса вилоят ИИБ Тиббиёт бўлимида ҳамшира.

Эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётган сержант Нигора Нурметова сингари ғайрат-шижоатли аёлларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак арзийди.

 

                                                                     Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                           “Postda” мухбири. 

Text to speech