11 Июн 2020 йил 1854

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Хоразм вилоятида аёл кишини бир гуруҳ аёллар урмоқда” деган сарлавҳа остида тарқалган видеолавҳа юзасидан

2020 йил 11 июнь куни ижтимоий тармоқларда бир нафар аёл кишини бир гуруҳ аёллар ураётганлиги акс этган видеолавҳа тарқатилган бўлиб, ҳолат Хоразм вилоятида содир бўлганлиги айтиб ўтилган.

Ушбу видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди: Видеолавҳадаги ҳолат 2020 йил 9 июнь кунидан 10 июнь кунига ўтар кечаси Қўшкўпир туманида содир бўлган ва жабрланувчининг шу куни ҳудуд профилактика инспекторига қилган мурожаати асосида ИИБ навбатчилик қисмида белгиланган тартибда ҳисобга олиниб, суриштирув ишлари бошланган.

Ҳолатга алоқадор барча шахсларнинг шу жумладан, уни  уяли телефони орқали видео тасвирга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштирган эркакнинг ҳам шахсига аниқлик киритилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтказилган тергов ҳаракатларининг якуни бўйича қўшимча равишда ахборот берилади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech