4 Август 2020 йил 811

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Хоразмда самосуд” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан

2020 йил 4 август куни турли ижтимоий тармоқларда бир неча нафар хотин-қиз томонидан бир аёлга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётганлиги, ушбу ҳолат Хоразм вилоятида содир этилганлиги қайд этилган видеолавҳа тарқалган.

Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни билдирамиз:

Видеолавҳада акс этган нохуш ҳолат 2020 йилнинг 29 июль куни Хоразм вилоятининг Гурлан туманида содир бўлган ва бу тўғрисида шу куни туман Ички ишлар бўлимига келиб тушган хабарга асосан терговга қадар суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Дастлабки суриштирув жараёнида қуйидагиларга аниқлик киритилган: Гурлан туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.С. эрининг бегона аёл билан яқин муносабатда бўлиб юрганликда шубҳаланиб, 29 июль куни янги қурилган уйини олдида дугоналари билан биргаликда пойлаб турган, эри билан бегона аёлнинг уйга кириб кетганлигини кўриб уларнинг ортидан кириб, ушбу аёлни (2000 йилда туғилган, Ю.Т.) уйининг ичкари қисмида дугоналари билан биргаликда танасининг турли жойларига уриб, шафқатсиз муносабатда бўлган.

Ушбу нохуш ҳолатни М.С.нинг ёнида бўлган яна бир дугонаси,  1982 йилда туғилган, М.Ж. ўзининг уяли телефони орқали видеотасвирга олиб кейинчалик ижтимоий тармоқларга тарқатган.

Ҳозирги кунда фуқаро М.С. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят ишидаги бошқа фигурантларнинг айбдорлик масаласига тергов жараёнида аниқлик киритилади.

Холатни видеотасвирга олиб қасддан ижтимоий тармоқларга тарқатилганлик факти бўйича айбдорларнинг қилмиши қўшимча равишда малакаланиб, судга оширилади.

Мазкур ҳолат вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари - хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси, маҳалла фаоллари ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори иштирокида муҳокама қилиниб, ҳар бир оила кундалик ҳаётида миллий ва аҳлоқий қадриятларимизни устувор қоида деб билиши уқтирилиб, жабрланувчи деб топилган, 2000 йилда туғилган фуқаро Ю.Т. га “Ҳимоя ордери” берилди.

Шу ўринда ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерлардан бирон-бир шахснинг шахсий ва оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигиз қонунга хилоф равишда йиғиш ва тарқатиш ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш қонун билан таъқиб қилинишини яъни ушбу ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланганлигини (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-1 ва 189-1-моддалари ҳамда Жиноят кодексининг 141-1 ва 130-1-моддалари) инобатга олиб, шундай (фото, видео, аудио)  материалларни эгалласалар, ижтимоий тармоқларда тарқатмасдан, тўғридан-тўғри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этишларини сўраймиз. Бу билан Сиз ўзга шахснинг шаъни ва қадр-қимматини сақлаш билан биргаликда ҳуқуққа хилоф қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашда ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech