1 Август 2021 йил 469

Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида  “ГАИдан қочган ҳайдовчи” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан

2021 йил 1 август куни You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “ГАИдан қочган ҳайдовчи” номи остида тарқалган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ушбу видеолавҳани кўрган ҳар қандай шахс ЙПХ инспектори мазкур жараёнда ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда олиб бораётганлиги шу билан биргаликда жараённи видео тасвирга олган ҳайдовчи эса асоссиз равишда ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажаришдан бош тортганлигини англаб етади.

Видеолавҳадаги жараён юзасидан батафсил тарзда қуйидагилар маълум қиламиз: 2021 йилнинг 31 июль куни тунги пайтда Боғот тумани бўйлаб хизматга тақсимланган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари шу куни соат 23:50 ларда Боғот тумани Миришкор қишлоғи Янги замон кўчасида ҳаракатланиб келаётган, 1995 йилда туғилган Ш.С. бошқарувидаги, “Cobalt” русумли 90 G 505 KA давлат рақам белгили автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларини текшириб кўришлик учун тақдим этиш сўралганида, автомашина ҳайдовчиси ҳужжатларни тақдим қилмасдан, аксинча ЙПХ инспектори билан ўзаро мулоқотини уяли телефони орқали видеотасвирга олиб, ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажаришдан очиқдан-очиқ қасддан бош тортиб, автомашинани ЙПХ инспекторининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли тарзда тўсатдан ҳайдаб кетиб қолади.

Шундан кейин ҳайдовчи ўзининг юқоридаги қилмишлари оқибатини англаб ва жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида шу вақтнинг ўзида Боғот тумани ИИБ га бориб, ўзига нисбатан ЙПХ инспекторлари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир қилинаётганлиги юзасидан ариза беришини билдираётган пайтида айнан ўша ЙПХ инспекторлари ҳам ИИБга етиб келишган.

Шундан кейин ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштириб, шу кодекснинг 291-моддасига асосан транспорт воситасини вақтинчалик ушлаб туриш учун жарима майдончасига жойлаштирилишини  тушунтирган.

Ҳайдовчи эса ўзига нисбатан тузилган маъмурий баённомага имзо чекмасдан, жарима майдонига жойлаштирилган автомашинасини белгиланган тартибда соқчига топширмасдан кетиб қолган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бевосита ҳайдовчи томонидан уяли телефони орқали олинган видеотасвирлар ва ЙПХ инспекторларининг бодикамерасида қайд этилган видеотасвирларга кўра ҳайдовчининг ҳуқуқбузарлиги тўлиқ тасдиқланади.

ЙПХ инспекторлари томонидан мазкур жараёнда хизмат интизоми ва қонунбузилиш холатларига йўл қўйилмаган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech