7 Июн 2020 йил 473

Расмий муносабат: YouTube видеохостингида Гулистон Ботировага тегишли каналда  2020 йил 3 июнь куни эълон қилинган аудиомурожаат юзасидан

2020 йил 3 июнь куни YouTube видеохостингида Гулистон Ботировага тегишли каналда  “Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатимни кўриб чиқишингизни илтимос қиламан” номли сарлавҳа остида Хоразм вилояти Янгибозор туманида яшовчи фуқаро Жумагул Рўзимованинг аудиомурожаати эълон қилинган.

Фуқаро Ж.Рўзимова ўзининг мурожаатида 2020 йил 21 апрель куни ўғлининг ўз жонига қасд қилиб вафот этишида ҳудуд профилактика инспекторини айбдор деб билишини баён қилганлиги сабабли, у томонидан келтирилган важлар Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганлигини маълум қиламиз.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ж.Рўзимованинг ўғли Ж.Матқурбановни 2020 йил 21 апрель куни ўз жонига қасб қилиб вафот этганлиги ҳолати юзасидан Янгибозор тумани прокуратураси томонидан тергов қадар текширув ўтказилиб, Ж.Матқурбанов ўзини-ўзи осиб, жонига қасд қилганлиги ҳолатида бирон-бир шахснинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан 2020 йил 30 апрель куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Хусусан, Янгибозор туман прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида ҳудуд профилактика инспектори Ж.Адамбаев томонидан фуқаро Ж.Матқурбановга нисбатан 2020 йил 18 апрель куни карантин даврида тиббий ниқоб тақмасдан юрганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилиши ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиб, маъмурий баённома асосли тарзда тузилган деб топилган. Шу билан биргаликда профилактика инспектори томонидан маъмурий баённома тузилган пайтда Ж.Матқурбановнинг олдида отаси ҳам иштирок этган бўлиб, профилактика инспектори томонидан уларга нисбатан тазйиқ ва босим ўтказилмаган.

Бундан ташқари фуқаро Ж.Рўзимованинг мурожаатида келтириб ўтган важлари юзасидан, унинг илгари ИИВ ишонч телефонига қилган мурожаати бўйича Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ҳам хизмат текшируви ўтказилган бўлиб, бу жараёнда ҳам унинг ўғлини ўз жонига қасд қилишида ҳудуд профилактика инспекторининг айби аниқланмаган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech