17 Сентябр 2021 йил 6272

Тўмарис - шарқ маликаси

Ички ишлар вазирлигининг Хоразм академик лицейида 2021 йил 17 сентябрь куни “Буюк саркарда ва алломаларимизнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлигини”  чуқур ўрганиш ҳамда Ички ишлар вазирлигининг тегишли кўрсатмаси ижросини таъминлаш мақсадида, ўқувчилар иштирокидаги “Маънавият соати” дарсида  “Тўмарис - шарқ маликаси” мавзусида дарс машғулоти ўтказилди.

Малика Тўмарис жасорати икки дарё атрофи ва оралиғида яшовчи халқлар тарихида ўчмас из қолдирди. Мозийда бўлиб ўтган ҳар бир воқеа фақат тарихчи битигида эмас, энг аввало халқ хотирасида ўзининг боқий изини қолдириши шак-шубҳасиз.

Қадим мозий битикларини варақлаган инсонлар дунёнинг ярмини титратган форслар ҳукмдори Кир II номини эмас, балки она-юртини ҳимоя қилиб босқинчиларни мағлуб этган массагетлар маликаси, мағрур ва қўрқмас Тўмарис номини улуғлайдилар. Бундан қарийб етти аср муқаддам яшаган, инсониятнинг улуғ даҳоси Данте ўзининг ўлмас “Илоҳий комедия” асарида Турон маликаси жасоратини илк бор шеърда мадҳ этган эди. У ўз шеърида Форс шоҳи Кир II устидан ғалаба қозонган Тўмарис ҳақида ёзар экан, Данте биз – бугунги авлодлар юрагини ҳаяжонга соладиган сатрларни битади:

Пайдо бўлиб гўё даҳшатли ўч қиличи,
       Курашга ҳайқирганча сўзлар Тўмарис:
           Қонга жуда ташна эдинг, энди ич, қонхўр!

 

Қизғин баҳс мунозараларга уланиб кетган дарс машғулоти, ўқувчиларда Тўмарис ҳаётини ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш билан биргаликда, уларда ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтиришда муносиб ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди.

Улуғ аждодларимизнинг ҳаёт йўлларини мукаммал ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиб бериш  мақсадида юқоридаги каби дарс машғулотларини  ИИВ Хоразм академик лицейида  2021-2022-ўқув йилининг якунига қадар ўтказилиши борасида йўл харитаси ишлаб чиқилди.

 

 

ИИВнинг Хоразм академик лицейи ўқитувчиси

Мақсадбек Ғаффаров  

Text to speech