20 Август 2020 йил 1213

Учинчи сектор: Ҳазорасп тумани ИИБ бошлиғи раҳбарлигида амалга оширилган эзгу ишлар

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари секторлар кесимидаги жараёнларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Мамлакатимиз худудида эълон қилинган карантин тадбирларидан сўнг секторлар кесимида аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Пандемия ва глобал иқтисодий инқироз шароитида аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, сектор худудида камбағалликни қисқартириш масаласи кун тартибидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида Ҳазорасп туманидаги учинчи сектор худудида 366 та муҳтож оилалар мавжудлиги аниқланиб, улар сектор раҳбарининг “Темир дафтари”га киритилди. Назоратга олинган ушбу оилаларнинг ҳар бирига давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси асосида “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 746 миллион 145 минг 900 сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “Темир дафтар”дан чиқарилмасдан қолган 213 та ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 168 та оилага 220 минг сўмдан бир маротабалик моддий ёрдам пули тарқатилди. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, бандлиги таъминланган ҳамда даромад манбаи яратилганлиги сабабли халқ депутатлари туман кенгаши қарори ва фуқароларнинг шахсий мурожаатига асосан 153 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида уйма-уй юрган ҳолда 468 та хонадонларда ўрганишлар олиб борилиб, уларнинг табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, йўл, кўприк, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим йўналиши, банк кредити масалалари бўйича 162 та муаммолари мавжудлиги аниқланди. Ушбу муаммолар “Йўл харитаси”нинг чора-тадбирлар режасига киритилиб, тегишли ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди ва уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

Сектор худудида замонавий савдо шаҳобчаларини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, йўл ва кўприкларни таъмирлаш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалардаги, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган фуқароларнинг турмуш тарзидаги мавжуд муаммоларига ечим топиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари, ёшлар ташкилоти ҳамда таълим муассасалари билан ҳамжиҳатликдаги ишлар самарали натижалар бермоқда.

-Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сектор худудидаги жами
319 та корхонанинг 202 таси пандемия вақтида ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлганди,-дейди туман ИИБ ташкилий бўлинма бошлиғи, 3-сектор штаби котиби, катта лейтенант Ғайрат Қутлимуратов.-Шундан 2 минг 268 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қиладиган 190 та корхонанинг фаолияти қайта тикланди. Айни кунда қолган 12 та корхона раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.

Сектор худудида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда барча имкониятларни ишга солган ҳолда иш ўринларини кўпайтириш мақсадида, фойдаланилмасдан турган 125 та бино ва иншоотлар аниқланиб, бугунги кунга қадар уларнинг 33 таси тадбиркорларга берилди.

“Пичоқчи” маҳалласи худудида истиқомад қилувчи Равшан Эшниёзов, Машариф Расулов, Қаландар Матёзов, Ҳайитбой Эшниёзов каби фуқароларнинг сектор раҳбарига қилган мурожаатидан сўнг “Обод” кўчасининг 470 метр тамирталаб қисмига янгидан асфальт қопламаси  ётқизилди. Қолаверса, маҳалла худудида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган Муяссар Рахимова, Роҳила Хўжамуратова, Камол Машарипов, Қахрамон Қодиров, Фарход Рахимовларнинг мурожаатлари сектор раҳбари томонидан ўрганиб чиқилди ва туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда уларга ер майдони ажратилиб берилди. Айни кунда ушбу тадбиркорлар карантин пайтида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ўз фаолиятини бошлаб юборишди.

Маҳаллалар худудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга моддий ёрдам бериш, уларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш ишлари бевосита сектор раҳбари бошчилигида самарали давом этмоқда. Сектор худудида истиқомад қилувчи 6 нафар фуқарога иссиқхона қуриб берилди. Шунингдек, сектор худудидаги 192 нафар ёшлар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиниб, 51 нафарига деҳончилик билан шуғулланиши учун ер майдонлари ажратилди.

-Сектор худудида 10 та - “Пичоқчи”, “Мунис Хоразмий”, “Гулзор”, “Минг Отлиқлар”, “Зиёлилар”, “Бўстон”, “Қовунчи”, “Ж. Мангуберди ”, “Ал-Хоразмий” ва “П. Махмуд” каби маҳаллалар мавжуд бўлиб, бу ерда 44 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади,-дейди 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи, подполковник Хушнут Машарипов.-Худудларни ободонлаштириш, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидаги муаммоларга ечим топиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби кўплаб муҳим масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, оилавий шароитларини яхшилаш мақсадида қорамол, парранда сотиб олиш ҳамда иссиқхона қуриш учун мурожаат қилган фуқароларга имтиёзли банк кредитлари ажратилишида амалий ёрдам бераяпмиз. Бундай кенг кўламдаги тадбирларни амалга оширишда тегишли ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

-Имтиёзли банк кредити олишда ёрдам сўраб, 3-сектор раҳбари, подполковник Хушнут Машариповга мурожаат қилдим,-дейди Пичоқчи маҳалласида яшовчи Шавкат Мадаминов.-Эртасига “Халқ банки” Ҳазорасп тумани филиали томонидан қора мол кредити ажратилиши бўйича тавсиянома беришди. Орадан кўп ўтмай имтиёзли банк кредити асосида 2 та қора мол сотиб олдим ва айни кунда уларни парваришлаяпмиз. Келгусида уларнинг бош сонини янада кўпайтириш ниятидамиз.  

Сектор худудида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар ташкил қилинган. Жумладан, аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш натижасида эҳтиёжманд, низоли оилаларни, ишсиз фуқароларни, спиртли ичимликка ружу қўйган, жиноят содир қилишга мойил бўлган ва бошқа тоифадаги шахсларни аниқлаб, бу масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Яъни фуқароларни иш билан таъминлаш, имтиёзли кредитлар ажратиб, тадбиркорликка жалб қилиш орқали аҳоли даромадларини ошириш, низоли оилалар, жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар ва бошқа тоифадаги фуқароларга масъуллар бириктириш ҳамда улар билан доимий профилактик суҳбатлар олиб бориш йўлга қўйилди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг турмуш тарзида пайдо бўлаётган муаммолари ижобий ҳал қилиниб, ижтимоий фойдали меҳнат жараёнларидаги иштироки таъминланмоқда. Шунингдек, худудларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда содир этилаётган жиноятлар сектор раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиняпти ва уларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаблар атрофлича ўрганиб борилмоқда. Амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида туман ҳам сектор худудида жиноят содир этилиши сезиларли камайишига эришиляпти.

Яқинда Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлими ташаббуси билан “Пичоқчи” маҳалласи худудида “Обод ва хавфсиз маҳалла” таъмойили асосида “Кўчма таянч пункти” ишга туширилди. Ушбу кўчма таянч пунктида ички ишлар органлари ходимларининг намунали хизмат олиб боришлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Таянч пункти атрофидаги камералар ёрдамида худудни бевосита кузатиб бориш, воқеа жараёнларини таҳлил қилиш, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича тезкор чоралар кўриш имконияти яратилди. Ушбу янгиликни амалиётда қўллашнинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, зарурат туғилганда мазкур таянч пунктини бир жойдан иккинчисига кўчириб ўтказиш имконияти мавжуд. Демак, кўчма таянч пунктидан аҳоли гавжум жойларда, яъни бозорлар, сайлгоҳлар, оммавий тадбирлар ўтказиладиган худудларда кенг фойдаланиш мумкин. Ушбу инновацион янгиликни бошқа маҳаллаларда ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.   

Секторлар кесимида кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу каби тадбирлар мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда, жамиятимизда соғлом муҳитни вужудга келтиришда, энг муҳими осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

                                                                                Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                       “Postda” мухбири.

Text to speech