18 Сентябр 2020 йил 623

Урганч туманидаги қотиллик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди

Жорий йилнинг 16 сентябрь кунига ўтар кечаси Урганч туманида содир этилган қотиллик жинояти тўғрисида эшитган инсонларнинг қалби ларзага келди. Чунки катта умидлар билан турмуш қуриб, йигирма йилдан ортиқ бир ёстиққа бош қўйган эр ўз хотинининг қотилига айланганди.

Ушбу мудҳиш жиноят содир бўлган маҳаллада  17 сентябрь куни кенг жамоатчилик иштирокида жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитлари муҳокама қилинди.

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, туман сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосари, бир гуруҳ фаоллар иштирок этган муҳокамада жиноятнинг келиб чиқишига эр-хотиннинг оила-турмуш доирасидаги ўзаро келишмовчилиги асосий сабаб эканлиги маълум бўлди.

Ушбу оиладаги нотинчлик ва мавжуд низони бартараф этиш, ижтимоий муҳитни яхшилаш борасида маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан олиб борилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди ҳамда жамоатчиликнинг бу юзасидан фикри эшитилди.

Муҳокама якунида ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўлланилиши ва келгусида бу каби жиноятларни олдини олиш борасида тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Урганч туманида оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ойлиги эълон қилиниб, профилактик чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 1976 йилда туғилган, Урганч туманида яшовчи, С.А. жорий йилнинг 16 сентябрь кунига ўтар кечаси, ўз уйида 44 ёшли хотинини бўғиб ўлдиришда айбланиб, эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech