25 Январ 2021 йил 623

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг Урганч тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг таянчи бўлган ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш бугунги кунда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Хоразм вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов Урганч туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ёшлар билан учрашди.

“Ёшлар маркази” биносида ўзаро ишонч ва самимийлик руҳида бўлиб ўтган учрашувда юз нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Дастлаб бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси”да таклиф этилган иш ўринлари билан танишган ёшлар ўзлари учун маъқул бўлган корхона ва ташкилотлар билан меҳнат шартномасини туздилар.

Урганч тумани ёшлари билан ўтган учрашувда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтган бўлса, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник С.Қ.Рахимов вилоятимиз, хусусан Урганч туманида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, ҳамда амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар  тўғрисида ҳисобот берди.

Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масала бўлган ёшларнинг мурожаатларини қабул қилиш бошланди. 

Иштирокчи ёшлардан келиб тушган 40 дан ортиқ мурожаатларнинг аксарияти кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит ажратилиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу мурожаатлар юзасидан тижорат банкларининг бошқарувчилари ижобий ҳал этиш тўғрисида розилик берди. Ўз навбатида барча мурожаатлар ва уларнинг ижроси вилоят ИИБ бошлиғи томонидан назоратга олинди.

Йиғилиш якунида туманда яшовчи 16 ёшга тўлган беш нафар йигит-қизларга ID карталар тантанали равишда топширилган бўлса, спортнинг Муай-тай тури бўйича Ўзбекистон чемпиони, Урганч туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган Давронбек Маттиевга ёшлар ўртасида спортни тарғиб этиш борасидаги  хизматлари учун бошқарма бошлиғи томонидан қимматбаҳо совға тақдим этилди.

Бу каби учрашувлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиши белгилаб олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech