13 Июн 2020 йил 824

Хоразм вилояти ИИБ томонидан қалбаки валютафурушлик билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Хива шаҳрида яшовчи фуқаро 2020 йил 11 июнь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзига олдиндан нотаниш бўлган шахслардан 11 000 000 сўм эвазига 1 000 ЕВРО айрибошлаб олганлигини, лекин кейинчалик ушбу хорижий валюталарнинг қалбакилигини билиб, пулларини қайтиб олишида ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаат юзасидан зудлик билан Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан тезкор чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида, Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Б.М. бошқарувидаги Нексия русумли автомашина Гурлан туманида тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилганида автомашина салонида 3 500 ЕВРО ва 50 АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валюталар ва 16 490 000 сўм миқдоридаги миллий валюта борлиги аниқланди.

Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра автомашина салонидан олинган хорижий валюталар қалбаки эканлиги маълум бўлди. Шунингдек Б.М. Урганч шахрида яшовчи яна бир фуқарога 5 490 000 сўм эвазига 500 қалбаки ЕВРОни ўтказганлигига дастлабки суриштирувлар жараёнида аниқлик киритилди.

Қалбаки хорижий валюталарни муомалага киритишга уринган жиноий гуруҳ аъзоларининг қилмишини тўлиқ фош этиш мақсадида, Хоразм вилояти ИИБ  ва ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида назорат тартибида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Тошкент шаҳрида яшовчи яна бир нафар гумондор фуқаронинг уйида ўтказилган тинтув вақтида қалбаки 200 АҚШ долларини муомалага киритиш мақсадида сақлаб  қўйганлиги аниқланди ва у ҳам қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech