21 Ноябр 2020 йил 124

Хоразм вилояти ИИБ ходимлари ва оила аъзолари марафонда иштирок этишди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти ИИБ томонидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган бу галги тадбир “Соғлом турмуш учун 5000 қадам” деб номланди.

Шу боис 21 ноябрь шанба куни эрталаб Хоразм вилояти ИИБ шахсий таркиби турмуш ўртоқлари ва фарзандлари ҳамроҳлигида Урганч шаҳрининг Аль-Хоразмий номидаги шох кўчасида йиғилдилар.

Вилоят ИИБ раҳбарияти шахсан иштирок этган ушбу 5000  қадам марафони барча қатнашувчиларга эрталабдан юқори ишчанлик кайфияти улашиш билан биргаликда, ходимлар ҳамда оила аъзоларининг жисмоний чиниқишини янада оширишда ўз ҳиссасини қўшди десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилоятида биринчилардан бўлиб оммавий спортни жамоавий тарзда ташкил этган вилоят ИИБ ташаббуси ижтимоий тармоқлар ва турли ОАВ ларида кенг юритилди.

Марафон иштирокчиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ҳар хафтанинг шанба куни ички ишлар органлари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида спортнинг юриш, югуриш каби оммавий турларини ўтказиб бориш белгилаб олинди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва кенг жамоатчилик орасида оммавий спортни янада ривожлантириш борасида ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан манзилли ишлар амалга оширилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech