19 Октябр 2020 йил 484

Хоразм вилоятида “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш” ойлиги доирасида тадбирлар ўтказилмоқда.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида иш фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 15 октябрь кунидан 15 ноябрь кунига қадар “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш” ойлигини ўтказиш тўғрисидаги Фармойиши эълон қилинган бўлиб, шу асосида айни кунларда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, вилоят ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ички ишлар органларининг патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи соҳавий хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янада кучайтирилди.

Жойларда профилактик тадбирлар тизимли равишда амалга оширилиб, асосий эътибор оила-турмуш доирасидаги низоларни олдини олиш, безорилик ва ўғирлик жиноятларини содир бўлишига олиб келувчи омилларга чек қўйиш, шунингдек йўлларда ҳаракатланишни намунали тарзда ташкил этиш борасида аҳоли орасида кенг миқиёсда тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда.

Тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга оширишда телевидения, радио, босма матбуот, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиш билан биргаликда барча шаҳар ва туманларнинг марказий кўчалари, бозорлари ҳамда ҳиёбонларида йирик ўлчамдаги баннер, панно ва мониторлар ўрнатилиб, аҳолига буклетлар тарқатилмоқда.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда ички ишлар органлари ва кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлик гарови эканлигидан келиб чиқиб, барча юртдошларимиздан мазкур ойлик давомида фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз.  

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech