21 Сентябр 2020 йил 657

Хоразм вилоятида ички ишлар ходимига пора беришга уринган шахс қўлга олинди

Республикамиз бўйлаб кенг қамровда олиб борилаётган “Қорадори-2020” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида Хоразм вилоятида каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ва етиштириш билан боғлиқ бир неча жиноий ҳолатлар фош этилганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан 2020 йил 16 сентябрь куни Урганч туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир жараёнида, ўз уйида 4 туп каннабис ўсимлигини экиб, етиштириб келаётган,  1974 йилда туғилган, М.С. нинг жиноий қилмиши фош этилди.

М.С. жиноий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида, қилмишларини фош этган ички ишлар ходимига 1000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди. Тезкор ходим “пора бериш ҳам, уни олиш ҳам жиноят” эканлигини бир неча бор таъкидлаган бўлсада,  М.С. ўз ниятидан қайтмади.

Ички ишлар органи ходимининг раҳбариятга берган хабари асосида прокуратура ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, таклиф этилган сумманинг бир қисмини, яъни 500 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган М.С. жиноят устида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан М.С. га нисбатан прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни этиштириш) ва 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech