1 Август 2022 йил 366

Хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш асосий мақсадимиз

Ўзбекистонда “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар” доирасида устувор мақсадлардан бири сифатида “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишида уларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи дастурларни кенгайтириш талаб этилади. 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди.

Айни кунларда Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Д.Боғибекова ҳамкор ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирокида меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда Миллий дастур тарғиботига оид учрашувлар ўтказиб келмоқда.

Хонқа туманида бўлиб ўтган учрашувда,  Миллий дастурда хотин-қизларнинг ҳуқуқларига инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўлаги сифатида қаралиши ҳамда у “Инсон қадри учун” тамойилидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланиши таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, Миллий дастур хотин-қизларнинг жамият сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқлар асосида тўлақонли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши тушунтирилди.

Жумладан, ички ишлар органлари томонидан хотин-қизлар орасида тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳамда одам савдоси қурбони бўлиш ҳолатларининг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган, чет элга чиқиб кетган, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳамда хусусий секторда меҳнат қилаётган хотин-қизларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларда ҳуқуқий маданият ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил сўз юритилди.

Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда  фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада оширишдир.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech