6 Сентябр 2020 йил 1248

Янгибозор туманида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар

Янгибозор тумани вилоятнинг асосан аграр соҳага мўлжалланган туманларидан бири бўлиб, аҳолининг, шу жумладан хотин-қизларнинг аксарияти қишлоқ хўжалигида фаолият юритади.

Уй-рўзғор юмушларидан ортиб, далада ишлаётган ушбу хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш таъбир жоиз бўлса инсонийликнинг энг олий намуналаридан биридир.

Янгибозор тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори майор Юлдуз Қаландарова қисқа даврда туманда яшовчи хотин-қизларнинг бирига опа, бирига сингил яна бирига дугона бўлиб қолди.

Тумандаги 23 мингдан ортиқ оилада истиқомат қилиб келаётган қарийб 44 минг нафар хотин-қизларнинг барчасини тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда, деб бўлмайди.

Майор Ю.Қаландарова туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг ўринбосарлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шу боис, оилаларда пайдо бўлган ҳар қандай кўринишдаги келишмовчилик иштирокчиси бўлган хотин-қизлар дастлабки жараёндаёқ маҳалла фаоллари, кайвони онахонларни жалб қилган ҳолда муросага келтирилади.

Албатта, ҳамма ҳам бирдек муросага келмаслиги табиий, бундай ҳолатларда эса майор Ю.Қаландарова жабр кўрган хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга киришади, жорий йилнинг ўтган даврида тайзиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 29 нафар хотин-қизга “Ҳимоя ордери” берилди.

Ижтимоий ҳимоя ва моддий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бир марталик пул маблағларини  тўғри ва тўлиқ тақсимланишида ҳам майор Ю.Қаландарова фидойилик кўрсатиб келмоқда.

Ички ишлар органларининг пробация хизмати ёки профилактик ҳисобида турган хотин-қизлар билан доимий равишда якка тартибда профилактик суҳбатлар олиб борилаётгани эса уларнинг соғлом ҳаётга тезроқ қайтишида муҳим ўрин тутмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу ишлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг асосини ташкил қилади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech