28 Сентябр 2020 йил 243

Юксак мукофот соҳиблари:  Ҳазорасп тумани ИИБ профилактика катта инспектори, майор Умидбек Рўзметов

МУКОФОТГА МУНОСИБ ЙИГИТ                

    Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ 176-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Умидбек Рўзметов ўзининг фидойилиги, касбига бўлган садоқати туфайли ҳаётда ҳам ўз ўрнини топди. Халқнинг ҳурмат-эътиборига, эъзозига сазовор бўлди.

    Лавҳамиз қаҳрамони ушбу тумандаги “Жувондур” маҳалласида туғилиб, вояга етди. У ота касбини давом эттириш ниятида ўша пайтдаги ИИВ ёнғин хавфсизлиги олий техника мактабига ўқишга кирди. Бу ердаги қатьий тартиб-интизом, ўқув ва жанговар машғулотлари унинг ҳаётий кўникмаларини янада бойитди. Билим юртини муваффақиятли тамомлаган Умидбек Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлади.

   Унга бириктирилган тумандаги “Бешта” маҳалласи жиноят содир этилиши жиҳатидан анча тилга тушган ҳудудлардан бири эди. Бу эса, ёш профилактика инспекторига бироз қийинчилик туғдирди. Айниқса, ўғирлик, гиёҳвандлик, безорилик жиноятлари тез-тез содир этилаётган ушбу ҳудуд профилактика инспекторидан жиддий иш олиб боришни талаб  этарди. Шу боисдан у устози профилактика катта инспектори, майор Ойбек Раҳимовнинг насиҳатларига, йўл-йўриқларига амал қилди. Лейтенант Умидбек Рўзметов ишни гиёҳвандлик ҳамда ичкиликка ружу қўйган фуқароларни мажбурий даволаш муассасасига жойлаштиришдан бошлади. Сўнгра, муқаддам судланган ҳамда жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан тез-тез суҳбатлашиб, профилактик тадбирлар олиб борди. Уларни ишга жойлаштиришга, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғуллантиришга ҳаракат қилди. Маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятларни “иссиқ изида” фош этиш чораларини кўрди. Маҳалла фаоллари билан олиб борилган бу ҳамкорлик тез орада ўзининг ижобий самарасини бера бошлади. Ҳудудда жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши йилдан-йилга камая борди.

  Профилактика катта инспектори жорий йилнинг ўтган даври мобайнида майда безорилик, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, паспорт тизими ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслик каби ҳуқуқбузарликлар содир этган 165 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирди. Уч нафар муқаддам судланган шахсларга маъмурий назорат ўрнатиб, 5 нафар фуқаро маъмурий қамоққа олинди. Спиртли ичимликка ружу қўйган 5 нафар шахс вилоят наркология диспансерига ётқизилди. Ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил бўлган шахслар билан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар олиб борилди. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда 4 та ёш оиланинг ажралиб кетишининг олди олинди. Фуқаролар томонидан билдирилган 67 та ариза ва шикоятларни ўз вақтида қонуний ҳал қилиб, уларнинг ижобий ечим топишини таъминлади. Ҳудудда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик самарали ташкил этилгани боис, кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинди ва жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

   Профилактика катта инспектори озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм этилган маҳкумлар билан ҳам кенг кўламдаги профилактик тадбирларни амалга оширмоқда. 

   Жорий йилнинг 3 сентябрь куни туман ИИБ пробация гуруҳи ҳисобида турган Қ. Артур суд томонидан тайинланган жазони ўташдан қасддан бош тортиб келаётгани учун унга белгиланган жазо тури озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш бўйича суд ажрими чиқарилди.   

    – Профилактика инспектори ҳузурига келган ҳар бир киши ундан нажот истаб келади, – дейди профилактика катта инспектори, майор У. Рўзметов. – Шу  боис, унинг кўнглига қулоқ тутиб, ёрдам беришга, мушкулини осон қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак. Ана шундагина маҳалладаги ҳамкорлик, бир-биримизга бўлган ишонч, муносабат янада мустаҳкамланади. Бунёдкорлик ва тадбиркорлик ривожланади...

   Мана 12 йилдирки, халқ осойишталигини таъминлашдек, шарафли вазифада сидқидилдан хизмат қилиб қилаётган, самарали натижаларга эришаётган майор Умидбек Рўзметов жорий йилнинг ўтган саккиз ойи якунига кўра, вилоятдаги энг фаол профилактика инспектори сифатида эътироф этилди.

   – Мен ҳар куни фарзандимни хизматга кузатар эканман, қалбимда аллақандай ажиб туйғулар пайдо бўлади, – дейди истеъфодаги подполковник Жонибек Рўзметов. – Ундаги  ғайрат-шижоат, касбига бўлган интилишни кўриб, қалбим ғурур ва ифтихорга  тўлади. Фарзандимнинг жамиятга, инсонларга нафи тегаётганидан севинаман, хурсанд бўламан. Ота-она учун бундан-да улуғроқ бахт бўлмаса керак.    

   Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами муносабати билан юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдаги самарали хизматлари учун профилактика катта инспектори, майор Умидбек Рўзметов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

                                                                       Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                              “Postda” мухбири.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech